Савринжон (Безвременник) лолагулдошлар оиласига мансуб, кўп йиллик заҳарли ўт ўсимликдир. Тиббиётда икки турининг туганак пиёзи ишлатилади: Чиройли савринжон (Безвременник великолепный) ва Кузги савринжон (Безвременник осенный). Уларнинг тугунак пиёзлари таркибида алкалоидлар (колхицин, колхамин, специозин ва бошқалар), гликоалкалоидлар, флавоноидлар (апигенин ва бошқалар), қандлар, фитостеринлар ва бошқа бирикмалар бор. Колхамин (омаин) таблетка ва суртма дорилар ҳолида тери раки ва сурункали лейкоз касалликларини даволашда қўлланилади.