Нутқ маданияти жамият маданий тараққиёти, миллат маънавий камолотининг муҳим белгисидир. Мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳатлар давлат "Сиёсатининг устувор йўналиши деб эълон қилган бугунги кунда нутқ маданияти масалалари ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмокда. Республикамизнинг «Давлат тили» ҳақидаги Қонуни, «Таълим тўғрисида»ги Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва бошқа ҳужжатларда маънавий-маърифий тарбияга, тил масалаларига алоҳида эътибор берилган. Ҳар бир кадр, энг аввало ўз она тилининг чинакам соҳиби бўлмоғи лозим. Президентимиз И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг 1997 йил 29 августдаги IX сессиясида сўзлаган нутқида: «Ўз фикрини мутлақо мустақил, ўз она тилида равон, гўзал ва лўнда ифода эта олмайдиган мутахассисни, авваламбор, раҳбар курсисида ўтирганларни бугун тушиниш ҳам оқлаш ҳам қийин» - деб таъкидлайди. Таълим муассасаларида ўқувчи – талабалар нафақат аниқ ва гуманитар фанларнинг асосларини балким одамийлик, инсонийликнинг қонун-қоидаларини ҳам ўрганадилар. Болаларга уни сингдиришда ўқитувчининг ўрни ниҳоятда каттадир. Шу сабабга кўра узлуксиз таълим тизимида ўқитувчи шахсига катта эътибор берилган. Талабаларнинг ўқитувчи сифатида такомил топишида ўқитувчининг ўрнини ҳеч қайси фан боса олмайди. Айниқса, талабаларнинг нутқий малакаларини шакллантиришда, дунёни англатишда ўқитувчи нутқининг ҳам ўзига хос ўрни мавжуд.